Конституция бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди

Янги Конституцияда президентлик муддатини 7 йилга узайтириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда 19 апрель куни Конституциянинг янги таҳрири юзасидан ўтказиладиган референдумда муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, бу жараён 26 апрелгача давом этади. Умумхалқ референдуми эса 30 апрелда ўтказилиши режалаштирилган.

Муайян сабаблар билан яшаш жойида бўла олмагани учун 30 апрелдаги овоз беришда иштирок эта олмайдиган сайловчилар муддатидан олдин овоз беришлари мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, референдумда сайловчиларнинг 65 яшар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевга 2040 йилгача ҳокимиятда қолишига имкон берувчи янги конституцияни маъқулламаслик эҳтимоли нолга тенг.

Референдум арафасида мамлакат бўйлаб "Конституция сеники, меники, бизники" шиори остида байрамона тадбирлар ўтказилмоқда. Ижтимоий тармоқларда “Бефарқ эмасман” хештеги билан тарғибот қизиган.

Олий Мажлис томонидан маъқулланган янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси интернетда ва Ўзбекистон ҳукуматига қарашли оммавий ахборот воситаларида 15 март куни эълон қилинди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 106-моддасида президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилгача узайтириш назарда тутилади. Айни пайтда бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ президент бўла олмаслиги тўғрисидаги қоида ҳам сақланиб қолди.

Бундан ташқари Қорақалпоғистонга оид 85-90 моддалар аввалги Конституцияда кўрсатилган тартибда қолдирилди. Ўтган йилнинг июлида Қорақалпоғистонга оид моддалардан “суверенитет” сўзи олиб қўйилгани ортидан Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган намойишлар бўлиб ўтганди.