Роскомнадзор Германиянинг Bild нашри ҳамда журналист Александр Невзоров сайтларини блоклади

Bild газетаси сайтида Украинадаги уруш ҳақида рус тилида ёйинланган мақолалардан бири

Роскомнадзор Россия ҳудудида Германиянинг Bild таблоиди сайтини ҳамда журналист Александр Невзоровнинг шахсий сайтини блоклаб қўйди. Тақиқланган сайтлар реестридаги янгиланишлар ҳақида “Роскомсвобода” лойиҳаси маълумот тарқатган.

Иккала сайт ҳам Бош прокуратуранинг 26 мартдаги қарорига кўра тўсилгани айтилмоқда.

Bild Германия ва Европадаги энг кўп нусхада чиқадиган газета саналади. У урушнинг илк кунларидан Россиянинг Украинага тажовузини кескин қоралаган. Таблоид Германияда яшаётган русзабон аудитория учун ўз сайтида рус тилида мақолалар бераётган эди.

22 март куни Россия Тергов қўмитаси ўққа тутилган Мариуполь туғруқхонасидаги қурбонлар суратларини эълон қилгани учун журналист Александр Невзоровга қарши жиноят иши очган. Мазкур иш Россия армияси ҳақида “фейк” тарқатишга доир модда бўйича қўзғатилган бўлиб, Невзоров 15 йилгача муддатга қамалиши мумкин.

Журналист “фейклар ҳақида”ги моддага кўра ўзига ва ҳамкасбларига жиноят ишлари очилишини “уларнинг бутунлай томи кетган”лиги билан изоҳлаган.