Россия: Аҳолининг реал даромадлари 3,6 фоизга камайди

Россия аҳолисининг реал даромадлари 2021 йилнинг 1-чорагида, ўтган йилнинг шу даврига қиёсан 3,6 фоизга камайган. Бу ҳақда 29 апрель куни Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) маълум қилган.

Реал пул даромадлари — солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилганидан сўнг аҳоли тасарруфида қоладиган ялпи даромадни ифода этади.

Росстат қайдича, ўтган йилнинг дастлабки уч ойида коронавирус ёйилиши пандемия тусини олмаганди, аммо кейин шу туфайли карантин чекловлари жорий этилиши иккинчи чоракда кескин иқтисодий пасайишга олиб келган.

Карантин чоралари сезиларли даражада юмшатилгани муносабати билан Росстат жорий йилнинг 2-чорагидан бошлаб реал даромадлар ўсиши кутилаётганини таъкидлаган.

Ўтган йили, Росстат маълумотига кўра, ушбу даромадлар 3 фоизга камайган (аввалроқ бу рақам 3,5 фоиз экани айтилганди).

Аҳолининг реал даромадлари сўнгги бор барқарор ўсиши кузатилган 2013 йил билан таққослаганда, мазкур кўрсаткич 10 фоиздан кўпроққа камайган.

Росстат дастлаб аҳоли даромадлари тўғрисидаги маълумотларни 20 апрель куни эълон қилмоқчи эди, аммо эълон қилмади. Тахминларга кўра, Росстат 21 апрель куни президент Владимир Путиннинг Федерал йиғилишга мурожаат билан чиқиши олдидан “одамларнинг кайфиятини бузишни хоҳламаган”.

Путин эса мурожаатномасида “фуқароларнинг реал даромадлари албатта тикланиши”га ваъда берган.