АҚШ Молия вазирлиги 4 апрель куни Россияга давлат қарзини санкциялар оқибатида Ғарбда музлатилган маблағлар ҳисобидан тўлашни тақиқлади. Бу ҳақда 5 апрель куни Reuters хабар берди.
4 апрель куни Россия умумий суммаси 635 миллион долларлик облигацияларни тўлаши шарт бўлган муддат бошланди. Вашингтон тақиқига қадар Москва бу пулни музлатилган ҳисоблардан тўлаши мумкин эди. Эндиликда эса, Россия мазкур қарзни АҚШ ва Европа Иттифоқи музлатмаган ўз заҳиралари ҳисобига тўлаши шарт бўлади.
Янги чеклов Москвага нисбатан санкциялар кучайтирилиши муносабати билан кучга кирди. “Россия доллардаги қимматли заҳираларнинг озайиши ёки дефолтдан бирини танлашга иложсиз бўлади”,-деб билдирди Молия вазирлиги расмийси.
The Bell нашрининг ёзишича, ғарбда музлатилган Россия активларининг умумий баҳоси 300 миллиард долларни ташкил қилади. Бу эса санкциялар жорий этилгунига қадар бўлган ҳолатда Россия Марказий Банки активларининг деярли ярмини ташкил қилади.