Россия БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзоликдан чиқарилди

БМТ Бош ассамблеяси мажлиси, Нью-Йорк, 2022 йилнинг 7 апрели

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Украинадаги уруш туфайли Россияни БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзоликдан чиқарди.

Овоз бериш учун қўйилган резолюцияда Россия ҳарбийлари Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар чоғида инсон ҳақларини қўпол ва мунтазам равишда бузиб келгани қайд этилган.

Россияни кенгашдан чиқарилишини ёқлаб 93 та мамлакат овоз берган. 24 та давлат бунга қарши бўлган, улар орасида Хитой, Шимолий Корея, Ўзбекистон ва унга қўшни бўлган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби мамлакатлар бор. Ҳиндистон дохил 58 та мамлакат овоз беришдан тийилган.

Россиянинг кенгаш аъзолигидан чиқарилиши учун 193 мамлакатнинг учдан икки қисми (овоз беришдан тийилганларни ҳисобга олмаганда) ёқлаб овоз бериши лозим эди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Россия овоз бериш олдидан БМТга аъзо давлатларни “ёқлов” ёки овоз беришдан тийилиш қарори дўстона бўлмаган қадам ўлароқ баҳоланиши ҳақида огоҳлантирган.