Россия ФХХ “Ҳизбут-Таҳрир”нинг 15 нафар аъзосини ушлаганини маълум қилди

Иллюстратив сурат

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ — ФСБ) Пенза, Уфа ҳамда Челябинскда “Ҳизбут-Таҳрир”га (Россияда террор ташкилоти деб тан олинган) аъзоликда гумонланаётган 15 кишини қўлга олди. Бу ҳақда ФХХ сайтида маълум қилинган.

Хабарномада иддао қилинишича, июнь ойи охири — июль бошларида ушбу шаҳарларда “Ҳизбут-Таҳрир”га мансуб тўрт яширин гуруҳ зарарсизантирилган. ФХХ ходимлари тинтув ўтказиб, қўлга олинганларга тегишли техника ва босма материалларни мусодара қилганлар.

Махсус хизмат талқинига кўра, қўлга олинганлар Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари бўлиб, улар “Россияда террористик мафкурани ёйиш”, шунингдек “Ҳизбут-Таҳрир”нинг чет элдаги эмиссарлари кўрсатмасига мувофиқ ташкилот сафига маҳаллий мусулмонларни ва меҳнат мигрантларини жалб қилиш билан шуғулланган.

“Ҳизбут-Таҳрир” — Ислом динига асосланган халқаро сиёсий ҳаракат бўлиб, дунёнинг кўп мамлакатларида қонуний фаолият юритади.

2003 йилда Россия Олий суди “Ҳизбут-Таҳрир”ни террор ташкилоти деб топиб, унинг фаолиятини тақиқлаган. Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг у ерда истиқомат қилувчи “Ҳизбут-Таҳрир” мухлисларига қамоқ жазоси хавф солмоқда. Украинада бу ташкилот ман қилинмаган.

“Мемориал” ҳуқуқбонлик маркази Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадорликда айбланган 50 дан зиёд мусулмонни сиёсий маҳбус, деб тан олган.