Россия: ФХХ мухолифатчи Пивоваровни қўлга олиш учун учоқни тўхтатди

“Откритая Россия” нинг собиқ директори Андрей Пивоваров

Петербургдаги Пулково аэропортида “Откритая Россия” ташкилотининг собиқ ижрочи директори Андрей Пивоваров учоқдан туширилиб, қўлга олинди.

Пивоваровга кўра, у дам олишга жўнамоқчи бўлган, божхона назоратидан ўтаётганида ҳеч қанақа муаммо чиқмаган. Сўнгра сиёсатчи учоққа чиқиб ўтирган, учоқ парвоз қилиш йўлаги бўйлаб ҳаракатлана бошлаган. Шундан кейингина лайнер тўхтатилиб, Пивоваровни ФХХ ходимлари салондан олиб чиқиб кетганлар.

Хабар қилинишича, бу Польшага оид LOT авиаширкатининг парвози бир соатдан зиёд кечиктирилган Санкт-Петербург — Варшава рейси бўлган.

Қўлга олинганидан сўнг “Откритая Россия” собиқ директори сўроқ қилиш учун Тергов қўмитасига олиб кетилган. У ердан Пивоваров ўз адвокати орқали чиқарган хат мазмунига кўра, унга нисбатан “исталмаган ташкилот” фаолияти бўйича жиноят иши очганлар. Иш Краснодарда қўзғатилган бўлиб, мухолифатчи тез орада ўша ёққа олиб кетилиши айтилмоқда.

Аввалроқ “Откритая Россия” жамоатчилик ташкилоти ўз фаолиятини тугатгани, ҳудудий бўлимлари ёпилгани ва иштирокчиларнинг аъзолиги бекор қилинганини эълон қилганди.

Ўшанда Андрей Пивоваров мазкур қарорни “Откритая Россия” кенгаши биргаликда қабул қилганини маълум қилган. Бунга исталмаган ташкилотлар фаолиятига доир модда бўйича жиноий жазони кучайтиришга ҳозирлик кўрилаётгани сабаб бўлган.

“Откритая Россия”нинг собиқ координатори Татьяна Усманова “Фейсбук”даги саҳифасида ташкилотни тарқатиш қарори қамалиш хавфи остида қолган “тарафдорларни ҳимоя қилиш мақсадида” қабул қилингани ҳақида ёзган. “Ҳадемай парламент сайлови ва минтақавий сайловлар бўлиб ўтади: ўз номзодини қўядиган ҳар кимни қамоққа ташлаган бўлардилар, бунга шубҳа йўқ”, дея урғулаган у.

Исталмаган ташкилотлар тўғрисидаги қонун 2015 йил майда Путин томонидан имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, уларга Россия ҳудудида фаолият олиб бориш тақиқланган.

Қонунга мувофиқ, бош прокурор ёки унинг ўринбосари фикри билан “давлатга ва конституциявий тузум асосларига хавф туғдирадиган” ҳар қандай ноҳукумат ташкилот “исталмаган” деб тан олиниши мумкин. “Исталмаганлар” рўйхатига киритилганидан сўнг ташкилотнинг банк ҳисобварақлари “музлатилади”.

Ташкилот билан бирга, унинг барча бўлимлари ҳам ёпилиши керак. Исталмаган ташкилот билан ҳамкорлик қилиш ман этилган. Қонунбузарлар, уларнинг исталмаган ташкилот фаолиятидаги иштироки даражасига қараб, 500 минг рублгача жаримага тортилиши ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

2017 йил 26 апрелда Бош прокуратура Буюк Британияда рўйхатга олинган ва Михаил Ходорковский билан боғлиқ Open Russia Civic Movement ҳамда OR (Otkrytaya Rossia) тузилмаларини “исталмаган ташкилотлар” деб тан олганди. Россиянинг “Откритая Россия” ҳаракати ва шу номдаги жамоат ташкилоти Ходорковскийга оид тузилмаларга алоқалари йўқлигини бир неча бор таъкидлашган. Шунга қарамай, “Откритая Россия” аъзолари бир неча марта маъмурий ва жиноий таъқибга учраган.