Россия хакерлари Европанинг юқори лавозимли мансабдорлари компьютерларига ҳужум қилди

Иллюстратив сурат.

Россиядаги Fancy Bear хакерлик гуруҳи Европа Иттифоқига аъзо камида етти давлат ҳукуматининг юқори лавозимли мансабдорлари компьютерларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Politico журнали ўз ихтиёрига келиб тушган Европа Иттифоқи компьютерлар хавфсизлиги бўйича гуруҳи мутахассисларнинг огоҳлантириш хатига таянган ҳолда хабар берди.

Махфийлик муҳри бор мазкур хат ЕИ давлатлари ҳукуматларига ноябрь ойининг бошларида жўнатилган. Унда ҳукуматлар Россия хакерлари юқори мартабали амалдорлар компьютерларидаги маълумотларни олиш учун персонал ҳужумлар уюштиришни режалаштирилаётгани ҳақида айтилади.

Politico мақоласида хакерлар бу режани амалга оширгани ёки ошира олмагани тўғрисида маълумот берилмаган. Расмийлар журналга бу борада изоҳ бермадилар.

Fancy Bear бундан аввал ҳам Европа Иттифоқи компьютерлар тармоғига ҳужум уюштирганликда гумонланган эди. Мазкур гуруҳ Россия ҳарбий разведкасига алоқадор экани айтилади. Politico журналининг ёзишича, гуруҳ хакерлари Европарламентга сайловлар ўтказилишига олти ой қолганида ҳужум қилишни режалаштирганига эътибор қаратган. Европа Иттифоқи сайловларга Россия, Хитой ва бошқа давлатлар хакерлар орқали аралашиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.