2023 йилнинг кузида Россия армиясидан қочишга кўмак бериш илтимоси билан мурожаат қилганлар сони ёз фаслига қараганда 89 фоизга кўпайди. Бу ҳақда россияликларга Украинадаги урушда иштирок этишдан қочишга кўмак кўрсатувчи “Идите лесом” ташкилотига таянган ҳолда The Moscow Times хабар берди. Дезертирлар сони кўпайганини “Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко ҳам тасдиқлади.
“Идите лесом” ташкилотининг дезертирликка кўмаклашувчи мутахассисларига июнь-август ойларида 305 киши мурожаат қилган бўлса, сентябрь-ноябрда бу кўрсаткич 577 тага етди. 2023 йил апрелидан ташкилот юристлари ва волонтёрлари армиядан қочиш ниятида бўлган минг нафардан кўпроқ ҳарбий хизматчига маслаҳат берган.
“Идите лесом” раҳбари Гигорий Свердлиннинг айтишича, қочиш ниятини билдирган ҳарбийларнинг асосий қисми Украина урушида яраланиб, госпиталларда даволанаётганлардир.
“Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сергей Кривенко оғир яраланган аскарлар госпиталдан чиққанларидан сўнг яна урушга жўнатилишларини билганларидан сўнг дезертирлик қилмоқда.
Кривенкога кўра, ҳарбий қисмлардан қочишга ҳаракат қилаётганлар сони унча кўп эмас. Чунки ҳарбий қисмлардан қочганларнинг асосий қисми қўлга олинмоқда ва урушга жўнатилмоқда.
Свердлин эса волонётрлар, айрим ҳолатларда, фронт олди ҳудудларидан ҳам аскарларнинг қочишига кўмак кўрсатганини билдирди. Бундай ҳолатлар жуда оз. Чунки зобитлар қонунга зид равишда аскарларнинг ҳужжатларини олиб қўймоқда.
Адвокат Максим Гребенюк қўлга тушган дезертирлар асосан шартли равишда озодликдан маҳрум қилинаётгани ва урушга қайта жўнатилаётгани ҳақида билдирди.
“Медиазона”нинг ёзишича, Россияда 2022 йил сентябрида мобилизация эълон қилинганидан то шу кунгача судларга дезертирлик билан боғлиқ тўрт мингдан ортиқ иш келиб тушган. 3470 иш бўйича дезертирлар шартли равишда озодликдан маҳрум қилинган.
Украинадаги “Хочу жить” лойиҳасининг маълум қилишича, сўнгги бир йил ичида Россия армиясининг 22 минг аскари таслим бўлиш истаги ҳақида ариза берган. Украина мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси расмий вакили Андрей Юсов ҳар куни мазкур лойиҳа доирасида 3-5 нафар рус солдати асир тушаётгани ҳақида билдирди. Бу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлатиш имконияти мавжуд эмас.