Киевда Украина фуқаросини ўлдирганликда айбланаётган илк рус ҳарбийси судланади

Украина манзараси.

Киевда 13 май куни Украина фуқаросини ўлдирганликда айбланаётган илк рус ҳарбийсига нисбатан суд бошланиши кутилмоқда.

Терговнинг билдиришича, 2022 йилнинг 28 февралида сержант Вадим Шишмарин велосипедда мобил телефонида гаплашиб кетаётган 62 ёшли фуқарони бошидан отиб ўлдирган. Бу воқеа Сумск вилоятининг Чупаховка посёлкасида содир этилган.

21 ёшли Шишмаринни Украина Жиноят кодексининг 438-моддаси (“Уруш қонунлари ва тартибларини бузиш”) асосида судлашади.

Россия армияси Киев вилоятининг айрим туманларини бир ой – февраль ойи охиридан март ойи охирларига қадар ишғол этиб турган. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига мувофиқ, бу вақт мобайнида 1200 нафардан зиёд тинч аҳоли вакили ўлдирилган.

2 апрелда Киев вилояти Россия босқинидан озод қилингач, қатор шаҳар ва қишлоқларда тинч аҳолининг жасадлари топилган. Буча шаҳрида камида 400 киши оммавий қатл қилингани тасдиқланди.

Москва эса Украинада тинч аҳоли қатлиом қилинганини, Россия ҳарбийлари фуқаровий инфраструктурани вайрон қилаётганига оид айбловларни инкор қилиб келмоқда.

Айни пайтда Россия ҳарбийлари тинч аҳолини қатлиом қилаётганига оид ҳужжат ва далиллар сунъий йўлдошлардан ҳамда видеокузатув камераларидан олинган тасвирлар воситасида тасдиқланган.