Россия ҳукумати Ўзбекистондан 10 минг нафар қурувчи жалб қилишга оид лойиҳани тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Россия Федерацияси ҳукумати мамлакатга хорижлик ишчиларни жалб қилиш бўйича тажриба лойиҳаси тасдиқлади. Лойиҳа доирасида Россияга Ўзбекистондан 10 минг нафар қурувчи келиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Московский комсомолец” нашри хабар қилди.

Ҳуқуқий ахборот портали орқали ёйинланган мазкур ҳужжатда Ўзбекистондан 10 минг нафар муҳожирни олиб келиш схемаси баён қилинган. Уларнинг ҳаммаси “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланиши айтилмоқда. Тажриба лойиҳасида Россиянинг Қурилиш, Меҳнат, Соғлиқни сақлаш, Таълим ва фан, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, шунингдек, Роспотребнадзор иштирок этяпти.

Қайд этилишича, Россия Қурилиш вазирлиги ўз объектларига ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилиш ва улар билан шартнома тузишни истаган иш берувчилар рўйхатини шакллантириши лозим.

“Қабул қилинган қарорлар санитария-эпидемиология хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистондан 10 минг нафар меҳнат муҳожирини жалб қилиш бўйича конкрет амалий қадамларга ўтиш имконини беради”, деган вазир ўринбосари Никита Стасишин.

Ўзбекистонлик 10 минг нафар меҳнат муҳожири тез орада Россияга ишга жалб қилиниши ўзбек расмийлари ўтган ой ўрталарида маълум қилган эдилар.