Россия ИИВ вакили: мамлакатда 170 000 нафар IT-мутахассис етишмаяпти

Иллюстратив сурат

Россияда 170 минг нафар IT-мутахассис етишмаяпти. Россия ички ишлар вазири ўринбосари Юрий Зубов Федерация Кенгашининг ижтимоий сиёсат қўмитаси йиғилишида шундай баёнот берди.

Унга кўра, Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши иқтисодий санкциялар жорий этилиши ортидан IT-ширкатлар мутахассислари мамлакатдан ёппасига чиқиб кетган, бу эса соҳада мутахассис етишмовчилигига сабаб бўлган.

Зубов Россияга чет эллик IT-мутахассисларни жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар, хусусан, уларга яшаш рухсанномасини соддалаштирилган тартибда бериш тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлашга чақирган. Мазкур қонун июннинг ўрталарида Давлат думасида қабул қилинган ва ҳозирда Федерация кенгашида муҳокама қилинмоқда.

Аввалроқ Россия ҳукумати юқори малакали мутахассисларнинг мамлакатни оммавий тарк этишини жиддий муаммо деб тан олмаган. Хусусан, бош вазир ўринбосари Дмитрий Чернишенко бундай хабарларни “уйдирма” деб атаган, ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин эса Россиядан чиқиб кетган мутахассисларнинг 85 фоизи аллақачон қайтиб келганини айтган.

“Интернетни ҳимоя қилиш жамияти” директори Михаил Климарёв таклиф этилмиш чора-тадбирлар Россияни чет эллик IT-мутахассислар учун жозибадор қила олмайди, деб ҳисоблайди. Унга кўра, яшаш рухсатномасини олиш соддалаштирилгани ва солиқлар камайтирилганига қарамай, Россияда дастурчиларнинг ўртача иш ҳақи тахминан 140 минг рублни ташкил этади, ҳолбуки дунё IT-корпорацияларида улар анча кўп пул топишлари мумкин. Қолаверса, рубль курсининг ишончсизлиги, сиёсий позицияни билдирганлик учун жазоланиш хавфи, шунингдек, жамиятдаги ксенофобия ҳам салбий омиллардир.

Юрий Зубовга кўра, Россияда IT-соҳада бир миллионга яқин ходим банд. Бундан 170 минг чиқариб ташланса, соҳа мутахассисларининг қарийб 15 фоизи мамлакатни тарк этгани маълум бўлади.