Россия: Пермь ўлкасида мактабда ўқ узган ўсмир қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Пермь шаҳри яқинидаги Сарс посёлкасида 12 яшар ўсмир мактабга ов милтиғи олиб келиб, шифт ва деворларга қарата ўқ узди. Минтақавий ИИВ матбуот хизматига кўра, ўсмирни қўлга олинган, ҳодиса чоғида зарар кўрганлар йўқ.

Олтинчи синф ўқувчиси милтиқдан ўқ узган пайтда ҳали дарслар бошланмаган, мактабда 300 дан ортиқ ўқувчи ва 30 нафар педагог бўлган. Уларнинг барчаси мустақил равишда бинони тарк этишган.

РБКнинг хабар беришича, ўсмирни мактаб директори қуролсизлантирган. У ўқувчини ўз хонасига таклиф қилиб, гаплашгани ва милтиқни топширишга кўндиргани айтилмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, ўсмирнинг ҳаракатларига бошқа ўқувчиларнинг унга салбий муносабати сабаб бўлган бўлиши мумкин. “Интерфакс” манбаси ўсмир ўзини ғалати тутганини, осмонга ўқ узаётиб узуқ-юлуқ гапирганини, қўлга олинаётган пайтда эса “худонинг амри билан” шундай қилганини айтиб бақирганини маълум қилган.

Ўқувчи болалар психиатрия марказига юборилади. ТАСС маълумотига кўра, у жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Ўсмир ўқ узган қурол – “Сайга” русумли ов милтиғи отасига тегишли бўлгани ва расмий қайдда бўлгани айтилмоқда.