Россия Давлат думаси собиқ президентларнинг умрбод дахлсизлигига оид қонун лойиҳасини маъқуллади

Россия Федерацияси Давлат думаси биноси

Давлат думаси уч ўқишда Россия собиқ президентларининг дахлсизлиги тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Россия парламентининг қуйи палатаси сайти маълум қилган.

Россия собиқ президенти ҳозирда давлат раҳбари ваколатларини бажариш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Қонун лойиҳасида жиноятларга оид муддатлар олиб ташланган. Собиқ президентни тутиш, ҳибсга олиш, тинтиш ва сўроқ қилиш ҳам тақиқланган.

Қонун лойиҳасида собиқ президентнинг яшаган ва ишлаган жойлари, унга қарашли транспорт воситалари, алоқа воситалари, унинг ҳужжатлари, юклари ва хатлари дахлсиз экани айтилган.

Тузатишлар билан уни дахлсизликдан маҳрум қилиш процедураси ҳам ўзгартирилган. Ҳозир собиқ президент давлат раҳбари вазифасини бажариш чоғида унга қарши оғир жиноят содир этганлик ҳақида жиноят иши очилган тақдирдагина дахлсизликдан маҳрум бўлиши мумкин. Процедура бўйича Тергов қўмитаси раиси ташаббус билан чиқиши лозим. Янги лойиҳага мувофиқ, собиқ президентни фақат Давлат думаси томонидан давлатга хиёнат ёки бошқа оғир жиноят бўйича билдирилган айблов ҳамда Федерация кенгаши қарорига кўра дахлсизликдан маҳрум қилиш мумкин, холос.

Бу орада билдирилган айблов аввалдан Олий суд томонидан тасдиқланган бўлиши ва айблов билдириш тартибига риоя қилингани ҳақида Конституциявий суд хулосаси олинган бўлиши лозим. Агар айблов билдирилганидан кейин ўтган уч ой ичида Федерация кенгаши бундай қарор қабул қилмаса, айблов рад этилган бўлиб ҳисобланади.

Кўзда тутилган процедура амалдаги давлат раҳбарини лавозимдан олиш процедурасига ўхшайди.

2020 йил ёзида Россия Конституциясига (амалдаги ва собиқ) давлат раҳбарларига кенгайтирилган дахлсизлик кафолатлари бериш назарда тутилган ўзгартишлар киритилганди. Ҳуқуқшунос Константин Добринин бу ўзгартишларни изоҳлар экан, собиқ президентларни дахлсизликдан маҳрум қилиш процедураси ўта мураккаблаштирилгани ҳамда уни амалга ошириш жуда қийин бўлиб қолганини айтган.