Эрдўғон: Украина ва Россия 200 асир билан алмашинишга келишиб олди

Эрдўғон Украина ва Россия ўртасида воситачи бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Россия ва Украина 200 асир билан ўзаро алмашинишга келишиб олди, деди PBSга интервью берган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

“Томонлар эришган келишувга асосан икки юз асир алмаштирилади. Ўйлайманки, бу билан олға томон муҳим қадам ташланади”,- деди Эрдўғон. У асирлар билан алмашиниш жараёни қачон бошланишини ва бошқа тафсилотларни очиқламади.

Турк президенти интервьюсида Россия урушни тезроқ якунлашга ҳаракат қилаётганини айтди. Эрдўғон Владимир Путин билан Тошкентда ШҲТ саммити доирасида учрашганидан сўнг мана шундай хулосага келганини таъкидлади.

Москва сўнгги марта Киев билан июнь ойи охирларида асирлар алмашган эди. Ўшанда томонлар алмашинув “144 кишига 144 киши” форматида ўтганини билдирган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сентябрь ойида Россия ва Украинани “барчани барчага” формати асосида асирлар билан алмашишга чақирган эди.

Ҳозирда Украина ва Россия ўртасида тинчлик музокаралари олиб борилмаяпти. Тинчлик музокараларининг биринчи раунди юзма юз равишда Беларусда ўтказилган. Шундан сўнг музокаралар видеоалоқа воситасида олиб борилган. Сўнгги марта томонлар Истанбулда 29 март куни юзма юз учрашган.