Москва ва Киев сўнгги ярим йилда илк бор асирлар билан алмашди

Иллюстратив сурат.

Россия Мудофаа вазирлиги ва Украина президенти офиси сўнгги олти ойда илк марта асирлар билан алишгани тўғрисида баёнот берди.

Москва Киев 248 рус ҳарбийсини қайтарганини тасдиқлади. Киев эса 230 кишини, жумладан, олти нафар ҳарбий бўлмаган фуқаросини қабул қилиб олганини билдирди.

Украина президенти Владимир Зеленский қайтарилганлар орасида 2022 йилда Мариупол мудофаасида қатнашган шахслар борлигини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги асирлар билан алмашинув Бирлашган Араб Амирликлари воситасида амалга оширилганини маълум қилди.

Бундан аввал Москва ва Киев ўтган йилнинг 7 августида асирлар билан алмашган эди.

2022 йил ноябрида БМТнинг Украинада инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини мониторинг этувчи миссияси раҳбари Матильда Богнер Россия ва Украина ҳарбий асирларни қийноқларга солгани ва қатл этгани тўғрисидаги далилларга эга эканини билдирган эди. Ўшанда Киев асирга олинган Россия ҳарбийларига нисбатан зўравонлик қилингани юзасидан жиноят ишлари қўзғатилганини маълум қилган.

Москва эса БМТнинг бу ҳисоботига муносабат билдирган эмас.

Киев 2023 йил ноябрь ҳолатига кўра, Россияда 4337 киши асирликда сақланаётгани, улардан 3574 нафари ҳарбий ва 763 нафари тинч фуқаро эканини билдирган. Россия эса Украина 500 га яқин ҳарбийни асир олганини билдирган.