Россия ва Беларусь мактаб ва олий таълим муассасалари учун тарих фани бўйича ягона дарсликлар яратиш юзасидан келишиб олган. Бу ҳақда Россиянинг Минскдаги элчиси Борис Гризлов маълум қилди.
Элчига кўра, Россия президентининг маслаҳатчиси Владимир Мединский етакчилик қилаётган тарихий билим бериш бўйича муассасалараро комиссия Беларусь президенти маъмурияти билан мамлакатлар тарих бўйича умумий дарсликлардан фойдаланиши ҳақида келишувга эришган.
Гризловнинг урғулашича, ҳозирда “ҳам Совет Иттифоқи тарихидаги, ҳам Россия империяси тарихидаги ўта муҳим воқеаларни тушунишда фарқлиликлар” мавжуд. Бироқ, унга кўра, мамлакатлар тарихий воқеалар “ягона нуқтаи назардан туриб кўрилиши” лозимлиги юзасидан келишишга муваффақ бўлишган.
2023 йилнинг 1 сентябридан Россия мактабларида 11-синфлар учун ватан тарихи бўйича янги дарслик пайдо бўлган. Дарслик муаллифларидан бири собиқ маданият вазири Сергей Мединский ўлароқ кўрсатилган. Янги дарслик ҳаддан зиёд мафкуравийлиги учун танқидларга нишон бўлган. Хусусан, унда замонавий воқеалар Украинадаги уруш фақатгина Кремль позициясидан туриб ёритилган. Шимолий Кавказда дарслик маҳаллий халқлар, Қрим аҳолиси ва қалмиқлар урушдан кейинги йилларда совет ҳокимияти томонидан оммавий равишда сургун қилиниши оқлангани учун танқидга сабаб бўлган. Қатағонга учраган халқларга оид матн “Ишғолчиларнинг [немисларнинг] ҳамтовоқлари” деган бўлимга киритилган.
2023 йил ноябрида Россия таълим вазири Сергей Kравцов Чеченистонга бориб, халқларнинг юртидан бадарға қилиниши тўғрисида қайта ёзилган бўлимни республика раҳбари Рамзан Қодировга шахсан тақдим этган. Дарсликнинг янги таҳририда аввалроқ муаллифлар томонидан нацистлар билан ҳамкорлик қилганликда айбланган халқлар “хоинликда асоссиз айбланган халқлар” дея ифодаланган.