Россия Хитойга газ сотишни 6,5 баробарга кўпайтирмоқчи

Си Цзиньпин 20 март куни расмий ташриф билан Москвага борган эди.

Яқин орада Россия ва Хитой “Сибир кучи-2” газ қувурини қуриш бўйича ўзаро келишувга эришиши мумкин. Бу ҳақда Хитой раиси Си Циньпин билан Москвада ўтган музокаралардан сўнг Россия президенти Владимир Путин билдирди.

Путинга кўра, Монголия орқали қуриладиган газ қувури Хитойга йилига 50 миллиард куб метргача газ етказиб бера олади. Бу эса Москва Украинага бостириб киргунига қадар ишлаб келган Россиядан Германияга газ етказиб берадиган “Шимолий оқим”дан кейин қуввати бўйича иккинчи ўриндаги қувур бўлади.

Россия президентининг айтишича, Россия 2030 йилга келиб Хитойга йилига 98 миллиард куб метрдан газ экспорт қилишни режалаштирмоқда. Бу эса 2022 йилда Хитойга сотилган газ ҳажмидан 6,5 баробарга кўпдир. Ўтган йили Россия Хитойга 15,5 миллиард куб метр газ сотган.

Айни пайтда Ғарб Россиядан газ сотиб олишни ўтган йили тенг баробарга қисқартирган. 2022 йилда Европа Россиядан 174, 7 миллиард ўрнига 85,5 миллиард куб метр газ сотиб олган.

Хитой Халқ Республикаси раҳбари ва ҳукмрон Коммунистик партия лидери Си Цзиньпин 20 март куни расмий ташриф билан Москвага борган эди. 22 мартгача давом этадиган ташриф Россия президенти Владимир Путин таклифига кўра амалга оширилаётгани айтилган.