Россияда дафн маросимлари бўйича хизмат ҳақлари 30-50 фоизга ошди

Россияда сўнгги бир ярим йил ичида дафн маросимлари бўйича хизмат ҳақлари 30-50 фоизга ошган. Бу ҳақда “Российская газета” нашри Росстат маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Масалан, кремация (мурда куйдириш) нархи ўртача 36 фоизга, яъни 21 минг рублдан 28,7 минг рублгача ошган. Қабр қазиш ишлари 13 фоизга (8765 рублгача), тобут ясаш эса 52 фоизга (6729 рублгача) кўтарилган.

Дафн маросимларини ташкил этиш билан шуғулланувчи “Похоронний дом №1” ширкати бош директори Елена Эльсалиевага кўра, металл ва ёғоч нархи ошиб кетгани туфайли хоч, тўсиқ ва тобутлар 2-2,5 баравар қимматлаган.

Дафн маросимлари ташкилотлари ва крематорийлар уюшмаси вице-президенти Владимир Родькин қайдича, сўнгги ойларда хомашё нархи пасаймоқда, бироқ логистика ва маошлар ортгани туфайли тайёр маҳсулот нархлари пасаймаслиги мумкин.

Эльсалиевага кўра, унинг ширкати хомашёни аввал Украинадан сотиб оларди, бироқ Россия қўшинлари бу мамлакатга бостириб кирганидан кейин раҳбариятнинг бошқа жойдан хомашё қидиришига тўғри келган. Родькин “бутун дунёда нефть ва бензин нархи ошиб кетгани туфайли” Хитойдан ҳам хомашё келтириш қийинлашиб кетганини, шу важдан ишлаб чиқарувчилар қабртошларини буюртма асосидан кўпроқ Карелиядан келтираётганини қўшимча қилган.

Таҳлилчиларга кўра, майитнинг қариндошлари дафн маросимлари учун пулни тежай бошлагани, дейлик, эман ёғочидан ясалган тобут ўрнига қарағайдан қилинган тобутни сотиб ола бошлагани учун умумий ҳисобда харажатлар у қадар ошиб кетмаяпти. Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин нархлар тақрибан 30 фоизга ошган, бироқ сўнгги йилда нарх барқарорлашган.

Россияда ўлим сони кўпайишига сабаб бўлган омиллардан яна бири Украинага қарши уруш бўлиб ҳисобланади. 2023 йил май ойида Би-би-сининг рус хизмати “Медиазона” нашри ва волонтёрлар гуруҳи билан биргаликда Украина босқини чоғида ўлган 24 мингдан зиёд россиялик ҳарбийнинг исмини аниқлашга муваффақ бўлган.

Тадқиқотчилар урушда ўлганларнинг ҳақиқий сони бундан 40-60 фоизга кўпроқ бўлиши мумкинлигини қайд этишмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги шахсий таркибдаги талафотларга оид маълумотларни очиқламаяпти, айни пайтда вазирлик журналистлар томонидан ёйинланган рақамлар юзасидан ҳам изоҳ бераётгани йўқ.