Россияда II Жаҳон уруши давридан бери энг кўп кўп ўлим қайд этилди

2020 йил декабридан 2021 йил ноябригача Россияда 2,41 миллиондан зиёд ўлим ҳолати қайд этилди – бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги 75 йил учун рекорд кўрсаткичдир. Аҳолининг табиий камайиши, миграцияни ҳисобга олмаганда, 990 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар қилди.

Нашрга кўра, аввалги антирекорд 2003 йилда кузатилган, ўшанда 2,37 миллион киши вафот этган. 1941-1945 йилларда эса ўлим ҳар минг нафар аҳолига 30-50 кишини ташкил этган.

Демографлар фикрича, йил якуни бўйича кўрсаткичлар 2020 йилга нисбатан янада ёмонлашади. Бутун 2021 йил давомида ўлимлар сони 2,45 миллиондан кам бўлмаслиги, табиий камайиш эса 1,05 миллион кишини ташкил этиши айтилмоқда.

Ўлим кўпайишининг асосий сабабларидан бири COVID-19 пандемиясидир. Расмий статистикага кўра, 2020 йил октябридан 2021 йил сентябригача коронавирус асоратларидан 406 минг киши вафот этган.

Шунингдек, мутахассислар аномал иссиқ, гиёҳванд моддалар ва алкоголли ичимликлар истеъмолининг ортиши каби омиллар ҳам ўлим кўрсаткичини оширганини урғулашган.