Россияда ноқонуний юрган муҳожирлар 30 сентябрдан кейин мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин

Иллюстратив сурат

Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова 30 сентябрдан кейин полиция ноқонуний муҳожирларга қарши чоралар кўриши, жумладан улар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Июнь ойида президент Владимир Путин муҳожирларнинг Россияда вақтинча бўлиш муддатини 30 сентябргача узайтиришга оид фармонга имзо чеккан.

Сентябрь ойининг охиригача Россия Федерациясида қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган чет эл фуқаролари Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, ўз ҳуқуқий мақомини ҳал қилишлари керак эди. Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги Бош бошқармаси икки кун олдин чет элликларга мораторий тугаганини эслатган ва ўз муаммосини ҳал қилмаганларга “маъмурий чоралар” кўрилиши билан таҳдид қилган.

Айни пайтда “Коммерсант” нашри Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев ва бошқа бир қанча манбаларга таянган ҳолда Россиядан ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича мораторий муддати узайтирилиши мумкинлигини ёзган.

Валентина Казаковага кўра, Россияда шу кунда ҳозирда 7 миллион чоғли муҳожир бор. Одатда Россия Федерациясида 9 дан 11 миллионгача муҳожирлар бўларди, лекин пандемия важидан хорижликлар сони камайган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда Ўзбекистондан 332 мингдан зиёд, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг, Қозоғистондан 49 мингдан зиёд ноқонуний мигрант бор.