Россияда “Ўликлар партияси” фаоллари уйида тинтувлар ўтказилди

“Ўликлар партияси” фаолларининг акцияларидан бири

Санкт-Петербургда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари “Ўликлар партияси” фаолларининг уйларида тинтувлар ўтказишган.

“ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик лойиҳаси маълумотига кўра, тергов хатти-ҳаракатлари “партия” фаоли Кристина Бубенцованинг хонадонида, Ленинград вилоятининг Сиверский посёлкасида яшайдиган эркакникида (унинг исми очиқланмаяпти), ҳаракат асосчиси Максим Евстроповникида ва “Ўликлар партияси” тадбирлар ўтказиб келинган “ДК Рози” устахонаси раҳбари уйида ўтказилган.

“Фонтанка” нашри хабарига кўра, тинтувлар диндорлар ҳис-туйғуларини таҳқирланишига оид жиноят иши доирасида ўтказилмоқда. Бубенцова қўлга олиниб, Тергов қўмитасига олиб кетилган. Унинг компьютер ва телефонлари мусодара этилган.

Жиноят иши “Ўликлар партияси”нинг Украинадаги урушга қарши Пискарёв қабристонида ўтказган акциялари билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.