Россияда ўз жонига қасд қилган болалар сони қарийб 40 фоизга ошди

Ўтган йили Россияда ўзини ўзи ўлдирган болалар сони ундан аввалги йилга қиёсан тақрибан қирқ фоизга кўпайган – 2021 йилда бу мамлакатда 753 нафар бола ўз жонига қасд қилган, 2020 йилда бу кўрсаткич 548 нафарга тенг эди.

Мазкур рақамлар Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича омбудсмен аппарати маслаҳатчиси Роман Чуприков томонидан “давра суҳбати” чоғида эълон қилинган.

Москвадаги Психиатрия илмий-тадқиқот институти суицидология бўлими илмий ходими Каринэ Кешчян эса, ўз навбатида, охирига етмай қолган худкушлик уринишлари сони бундан анча кўплигини қайд этган. Унга кўра, суицидал уринишни амалга оширган жуда кўплаб бола мутахассислар диққат марказига тушмасдан, касалхонадан чиқиб кетяпти, чунки ота-оналар консультациялардан бош тортишмоқда.

2020 йил охирида Ёшлар муҳитини ўрганиш ва интернетда мониторинг қилиш маркази Рунетдан фойдаланувчи ўсмирларнинг 600 мингдан зиёди ўзини ўзи ўлдириш мавзуси бўйича тармоқдан маълумот қидиришини очиқлаган эди.