Россияда пенсионерлар ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга уринишди

Москва вилоятининг Подольск шаҳрида эр-хотин пенсионерлар маҳаллий ҳарбий комиссариат биносини ёқиб юборишга ҳаракат қилишган, дея хабар қилди Озодликнинг рус хизмати “Подъем” телеграм-каналидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Қайд этилишича, 70 ёшли эркак военкомат биноси олдига бир канистра бензин билан келиб, латтани бензинда намлаб, уни ойнага ёпиштириб, ёқиб юборган. Унинг 76 ёшли рафиқаси эса ҳодисани видеотасвирга олиб турган.

Пенсионерлар воқеа жойида қўлга олинган, ўт ўчирилган, ҳодиса чоғида эса ҳеч ким жабрланган эмас.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин ҳамда уруш туфайли сентябрь ойида ҳарбий сафарбарлик эълон қилиниши ортидан Россиянинг турли шаҳарларида ҳарбий комиссариат ва маъмурият биноларига ҳужумлар сони кўпайган.

Аввалроқ Россия Қуролли кучлари Бош штаби военкоматларга ўт қўйиш ҳодисалари террор хуружи сифатида баҳоланиши ва бу ишда айбдор деб топилганлар 15 йилгача қамалиши мумкинлиги ҳақида баёнот тарқатган эди.