Россияда “ПостРоссия Озод Халқлари Форуми” исталмаган ташкилот деб топилди

Россия Бош прокуратураси биноси

Россия Бош прокуратураси Польшада рўйхатга олинган “ПостРоссия Озод Халқлари Форуми”ни исталмаган ташкилот деб топишга қарор қилган.

Бош прокуратура иддаосича, мазкур ташкилот Россиянинг “конституциявий тузуми асослари ва хавфсизлигига таҳдид бўлиб ҳисобланади”, ташкилотнинг раҳбарлари эса “мамлакат ҳудудий яхлитлигининг бузилишига чақиришмоқда” ва “сепаратистик миллатчилик шиорлари билан чиқишмоқда”.

“ПостРоссия Озод Халқлари Форуми” жамоатчилик ҳаракати ўз мақсади Россияни “реконструкция ва структуравий трансформация қилиш” ҳамда “Россиянинг тарихий-маданий вилоят ва минтақаларини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ривожлантириш” эканини билдирган. Ташкилот фаоллари Россиядаги ҳудудларга кўпроқ мустақиллик берилишини ёқлашади.

Форумнинг сўнгги мажлиси шу йилнинг февраль ойи бошида Брюсселдаги Европарламент биносида ўтказилган. “Медуза” нашри хабарига кўра, унда Чеченистоннинг собиқ маданият вазири, мустақил Ичкерия тарафдори бўлган Аҳмед Закаев, мустақил Ингрия тарафдори бўлган тарихчи ва журналист Максим Кузахметов, “Озод Ёқутистон” жамғармаси вакили Раиса Зубарева ва бошқалар иштирок этишган.