Россияда қарз туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар сони 7 миллиондан ошди

Россияда қарзи борлиги туфайли мамлакатдан чиқиш ҳуқуқи чекланган фуқаролар сони 7 миллион 200 минг кишига етди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги Профессионал коллекторлик агентликлари миллий ассоциацияси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Суд приставлари федерал хизмати маълумотига кўра, қарздорлиги туфайли Россиядан чиқа олмайдиганлар сони ўтган йил охирида 4 миллиондан сал кўпроқ эди.

Россияда қарздорларни жазолаш мақсадида уларнинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш амалиёти 2005 йилдан жорий этилганди. Ҳозирда суд приставлари 30 минг рублдан кўпроқ қарзи бор ва қарзини тўлаш муддати 90 кундан ошган фуқароларга мамлакатни тарк этишни вақтинча тақиқлаб қўйиши мумкин. Алиментдан қарзи бор шахсларга эса қарз миқдори 10 минг рубль қилиб белгиланган.

Шу йил июль ойи охирида Россия ҳукумати қошидаги комиссия суд приставларига қарздорларнинг хорижга чиқиш паспортини олиб қўйиш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.