Россияда таниқли "ОВД-Инфо" сайти блокланди

"ОВД-Инфо" ҳаммуассиси Григорий Охотин.

Роскомнадзор сиёсий таъқиблар ва Кремлга қарши намойишларни кузатиб келаётган таниқли «ОВД-Инфо» сайтини блоклади. Бу ҳақда 25 декабрь куни нашр Twitterда ва ўз сайтида маълум қилди.

«Биз ҳали ҳеч қандай хабар олмадик ва блокланиш сабабини билмаймиз», дейилади гуруҳ Twitter сайтида ёзган постда.

«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича, ovdinfo.org сайтига тўсиқ қўйиш ҳақидаги қарор Москва вилояти суди томонидан 20 декабрь куни чиқарилган.

Сентябрь ойида Россия ҳукуматини «ОВД-Инфо» гуруҳини «хорижий агент» деб белгилаган эди.

Ўшанда «ОВД-Инфо» ҳаммуассиси Григорий Охотин бу ҳаракатни «мустақил ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларига қарши босим кампанияси»нинг бир қисми сифатида баҳолади.

Россиянинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонуни 2012 йилда қабул қилинган ва бугунга қадар бир неча бор ўзгартирилди. Қонунга биноан, чет элдан ёрдам олувчи ва Россия ҳукумати назарида «сиёсий фаолият» юритувчи нодавлат ташкилотлар рўйхатдан ўтишлари, ўзларини «хорижий агентлар» деб белгилашлари ва аудиторлик текширувидан ўтишлари керак.

Human Rights Watch ташкилоти Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунларини қоралаб, уларни «ҳукумат мустақил гуруҳларни таъқиб қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган яна бир репрессив восита» деб атаган.