Россияда урушни истамагани учун таъқиб этилганлар сони 900дан ошди

Иллюстратив сурат

Россияда урушга қарши бўлгани учун камида 902 кишига қарши иш қўзғатилган. Улардан 261 нафари озодликдан маҳрум этилган: улар тергов ҳибсхоналари, колониялар ёки мажбурий даволаниш жойларида сақланмоқда. Бу ҳақда Россиядаги “ОВД-Инфо” ҳуқуқбонлик медиалойиҳаси маълумот тарқатди.

Лойиҳа қайдича, 285 киши фейкларга оид модда, 172 киши эса Россия армияси ёки расмийларини обрўсизлантирганлик моддаси бўйича таъқиб қилинмоқда. Бу моддалар РФ Жиноят кодексига Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кўп ўтмай киритилган. Россия судлари Украинадаги уруш ҳақида мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига мос ҳар қандай маълумотни фейк деб тан олишади. Обрўсизлантириш деганда эса судлар, масалан, Украинадаги уруш контекстида “уруш” сўзи ишлатилишини тушунишади. Бу “жиноятлар” учун Россияда узоқ йилларга қамалиш мумкин.

Терроризмни оқлаш моддаси бўйича 175 киши айбланмоқда. Уларга қарши иш қўзғатилишига бошқа сабаблар қаторида кремлпараст блогер Владлен Татарскийнинг ўлими ва Қрим кўпригининг портлатилиши тўғрисидаги постлар, шунингдек, Россияда ҳокимиятни куч билан алмаштириш чақириқлари асос бўлган.

Урушга қарши позиция учун очилган ишлар Россиянинг фақат тўртта ҳудудида — Чеченистонда, Қорачой-Черкесияда, Ненец мухтор округи ва Брянск вилоятида йўқ, холос. Урушга қарши бўлганларга нисбатан иш очиш энг кўп Москвада (159 киши), Санкт-Петербург шаҳрида (77 киши) ва Свердловск вилоятида (29 киши) кузатилган.

Айбланувчиларнинг камида 67 нафари қийноққа дучор этилган: ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларни калтаклашган, зўрлашган, электр токи билан қийнашган, оғизларига скотч ёпиштиришган. Таъқиб қилинаётганларнинг 260 нафари айни пайтда Россияда эмас: уларга нисбатан суд ҳукмлари ва эҳтиёт чоралари сиртдан эълон қилинган.

Айбланувчиларнинг 122 нафарини фаоллар, 46 нафарини журналистлар, 43 нафарини сиёсатчилар ва 37 нафарини санъат арбоблари ташкил этади. Шунингдек, улар орасида ҳарбийлар, блогерлар ва ўқитувчилар ҳам бор. Улардан ташқари шахслар эса “бошқа касб” эгаларидир.