Россияда васийсиз қолган 17 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди

Иллюстратив сурат

Россия ҳудудида қонуний вакиллари (ота-оналари) бўлмаган 17 нафар вояга етмаган бола 16 апрель куни Ўзбекистонга қайтарилган.

“Дунё” ахборот агентлигининг ёзишича, бу иш Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари билан биргаликда амалга оширилган.

Хабарда ватанига қайтарилган болалар Россияга қандай бориб қолганига, агар улар бу мамлакатга ота-оналари билан келган бўлсалар, уларнинг қонуний вакилларига нима бўлганига аниқлик киритилган эмас. Аммо Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарномасидан келиб чиқилса, бу болаларнинг ота-оналари Россия Федерациясидан депортация қилингани ва уларга Россия ҳудудига кириш тақиқланганини тахмин қилиш мумкин.

Москвадаги элчихона бу болаларга Ўзбекистонга қайтиш учун бепул сертификатлар тақдим қилгани айтилмоқда.

Хабарда Ўзбекистонга қайтган вояга етмаган болаларнинг барчаси васийлик қилиниши учун яқин қариндошларига ёки мамлакатдаги махсус болалар муассасаларига топширилиши қўшимча қилинган.