Россияда хитойлик ишчилар ўзларини ватанларига қайтариш талаби билан иш ташлашди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Комсомольск на Амуре шаҳрида (Узоқ Шарқ) хитойлик элликка яқин ишчи 6 ноябрь куни норозилик акциясига чиқишди. Улар тўрт ойлик иш ҳақларини тўлаш ва ватанларига қайтариб юборишни талаб қилишган.

Хитойлар “Роснефть” ширкатига қарашли Комсомольск нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилишда иштирок этаётган “Петро-Хэнхуа” пудратчи ширкатида ишлашади.

Юриш чоғида ишчилар бақириб шиорлар айтишмагани сабабли полиция уларни тўхтатишга уринмаган ва хизмат автоуловларида уларни кузатиб бориш билан чекланган.

Хитойлик ишчилар биринчи марта октябрь ойи бошида иш ташлашган эди – ўшанда Комсомольск НҚИЗ меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича барча мажбуриятларини бажаришини маълум қилган. Эндиликда ишчилар паспортларини қайтариб беришни талаб қилишмоқда.

Завод вакилининг иддао қилишича, ишчилар “малакаси пастлиги ва бажарилган иш сифати бузилгани аниқланган”лиги туфайли ишга қўйилмаяпти. Айни пайтда ширкат уларга энг кам иш ҳақи ва кунлик харажатлар учун пул тўланаётганини билдирган. Коронавирус пандемияси сабабли ишчиларни Хитойга қайтариб юбориш ҳозирча имконсиз, деб ёзган Сибирь.Реалии нашри.