Россияда Ходорковскийга алоқадор тўртта ташкилот фаолияти тақиқланди

Михаил Ходорковский

Россия Адлия вазирлиги “исталмаган” ташкилотлар рўйхатини кенгайтирди. Унга тадбиркор ва жамоат арбоби Михаил Ходорковскийга қарашли тўртта ташкилот ҳамда “Команда 29” ҳуқуқбонлик гуруҳига дахлдор Spolecnost Svobody Informace (“Ахборот эркинлиги жамияти”, Чехия) киритилган.

Ходорковскийга оид ташкилотларнинг учтаси Буюк Британияда, биттаси Францияда рўйхатдан ўтган. Улар орасида энг таниқлиси Oxford Russia Fund (“Оксфорд Россия фонди”) бўлиб, у россиялик талабалар ва ёш олимларга стипендиялар тўлаган. Ходорковский июль ойида баёнот бериб, Россияга бундан буён грант ва стипендиялар жўнатмаслигини айтган эди.

Чехия ташкилотига, миллий реестрга кўра, турли йилларда “Команда 29” аъзолари бўлмиш россиялик адвокатлар Иван Павлов ҳамда Дарья Сухих раҳбарлик қилишган. Spolecnost Svobody Informace жамият учун муҳим маълумотларни олиш эркин бўлиши учун курашиб келади. Прокурорлар унинг фаолияти “Россиянинг конституциявий асослари ва хавфсизлигига хавф солади”, деб топишган.

Ходорковский ўзига оид ташкилотлар фаолияти тақиқланиши юзасидан “Твиттер”даги саҳифасида изоҳ бераркан, “энг муҳими, Кремлнинг “Толибон” ва “Ҳизбуллоҳ” билан алоқалари силлиққина кетяпти”, дея кесатган.

Россиянинг тақиқланган ташкилотлар рўйхатига тиркалган “Толибон” террорчилик ҳаракати вакиллари шу кунларда Москвада музокаралар олиб бормоқда, кеча улар пойтахт марказида матбуот анжумани ўтказишган.

Ходорковский Москвага кела олмайди, у сиртдан қамоққа олиниб қидирувга берилган.

Айни пайтда Адлия вазирлигининг “исталмаган” ташкилотлар рўйхатида 40 та хорижий ноҳукумат ташкилот мавжуд. Уларга Россияда фаолият олиб бориш, Россия фуқароларига эса қайси мамлакатда бўлмасин, бу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ман этилган.