Россиядаги 20 дан зиёд ширкат санкциялар туфайли хонавайрон бўлишдан хавотирланмоқда

Иллюстратив сурат

Россиянинг 20 дан зиёд ишлаб чиқариш ширкати саноат ва савдо вазири Антон Алихановга хат йўллаб, дўст ўлкалар дохил хорижий мамлакатлардан ўта зарур хомашёни сотиб олиш имкони бўлмаётгани туфайли ишлаб чиқариш тўхтаб қолиши мумкинлиги ва ўзларига банкротлик хавф солаётганини билдирди. Хат муаллифлари орасида қурилиш ва автомобиль саноати вакиллари ҳамда маиший техника ишлаб чиқарувчилари ҳам бор.

РБК хабарига кўра, бу хавотирларга сабаб Европа Иттифоқи томонидан яқинда Россияга қарши киритилган 14-санкциялар пакети бўлиб, мазкур пакет қабул қилиниши натижасида мамлакатга АҚШ, Европа, Япониядан, сўнгги пайтда эса Хитойдан ҳам муҳим материаллар етказиб берилиши тўхтатилган.

Бу ерда гап энг аввало музлаткичлар, автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари, қувурлар, монтаж кўпиклари, герметиклар ва қуйма поллар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган полиметиленфенилизоцианатлар ҳақида бормоқда. Хатда мазкур ҳолатда Россия иқтисодиёти 100 фоизга импортга қарам экани айтилган.

Хатда, шунингдек, ҳозирда мавжуд бўлган материаллар захираси бор-йўғи икки ойга етиши, санкцияларни айланиб ўтишга ёрдам бераётган, шу жумладан Саудия Арабистонидан бўлган таъминотчилар билан келишишга эса ҳозирча имкон бўлмагани иддао қилинган.

РБК маълумотига кўра, Россия Саноат ва савдо вазирлигига мурожаат қилганлар орасида “Технониколь”, “Беко”, “Вератек”, “РусТА” ва “Верахим” каби ширкатлар бор.