Россиянинг Нижегород вилояти Нава́шино туманида содир бўлган авария чоғида 7 нафар ўзбекистонлик қурбон бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумот тарқатди.
Элчихона қайдича, 1 сентябрь куни М-12 “Восток” федерал автомагистралида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган, улардан етти нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланган. Ўзбек дипломатлари авария ортидан яна 3 нафар ўзбекистонлик турли хил тан жароҳатлари билан Нижегород вилоятидаги тиббиёт муассасаларига жойлаштирилганини билдиришган.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, мамлакат Ҳукумати томонидан тез орада ҳалок бўлганларнинг жасадларини ўз ватанига қайтариш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда”, дейилган элчихона хабарномасида мазкур масала Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси томонидан алоҳида назоратга олингани қўшимча қилинган.
Хабарномада Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулхонаси раҳбарияти ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари ЙТҲ содир бўлган жойда жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатаётгани урғуланган.