Россиялик ҳарбийлар Запорожье АЭС ҳудудидаги ўқ-дориларнинг бир қисмини портлатишди

Запорожье АЭСи (архив сурати)

Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСнинг 1-сонли энергоблоки яқинидаги майдонда сақланаётган ўқ-дорининг бир қисмини портлатиб юборишди. Бу ҳақда Украинанинг “Энергоатом” ташкилоти матбуот хизмати ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

“Портлашдан сўнг Запорожье АЭС ҳудудида радиация фони ўзгардими, йўқми – ҳозирча номаълум”, дейилган хабарномада.

“Энергоатом” қайдича, ҳозирда Запорожье АЭСда “Росатом”нинг 11 нафар вакили бор.

12 март куни “Росатом” тарқатган хабарномада “россиялик мутахассислардан иборат гуруҳ” Украинанинг Запорожье ва Чернобиль АЭСлари ходимларига “консультатив ёрдам” кўрсатаётгани ҳақида гап боради.

“Техник кўмаклашиш доирасида атом энергоблокларининг хавфсиз ва барқарор ишлашини таъминлаш учун станцияларнинг бирламчи эҳтиёжлари аниқланмоқда”, дейилган Россия давлат ширкати пресс-релизида.

“Энергоатом” маълумотига кўра, Запорожье АЭС олти энергоблокининг барчасида украиналик ходимлар ишламоқда. 7 март куни 6-энергоблокда шошилинч таъмирлаш ишлари бажарилган, чунки у отишма чоғида зарарланган эди.

Аввалроқ Украина ҳукумати Россия қўшинлари атом электр станцияларини босиб олганидан сўнг ядровий материаллар хавфсиз сақланишини ортиқ кафолатлай олмаслиги хусусида Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликни (АЭХА) огоҳлантирган.