Россиялик телебошловчи Тигран Кеосаяннинг Қозоғистонга кириши тақиқланиши мумкин

Қозоғистон ТИВ матбуот котиби Айбек Смадияров

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги россиялик телебошловчи, Маргарита Симоньяннинг турмуш ўртоғи Тигран Кеосаяннинг Қозоғистон ҳақидаги гапларини “таҳқирли ва нохолис” деб атади. ТИВ вакили унинг Қозоғистонга келиши тақиқланиши мумкинлигини истисно этмаган.

Вазирлик матбуот котиби Айбек Смадияров ТИВ телеграм-каналида эълон қилган изоҳида “мазкур баёнот эҳтимол Россия жамоатчилиги ва сиёсий истиблешментининг муайян қисми нуқтаи назарини ифодалар, аммо икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик руҳи ва мазмунига асло уйғун эмас”, дейилган.

“Бундай чиқишлар яхши қўшничилик алоқалари муҳитини бузади ва стратегик ҳамкорлигимиз душманларига қўл келади. У (Тигран Кеосаян) Қозоғистонга келиши исталмаган шахслар рўйхатига киритилади, деб ўйлайман”, деб ёзган Айбек Смадияров.

24 апрель куни Тигран Кеосаяннинг YouTube-каналида унинг қозоғистонликлар ҳақида салбий фикрлар билдирган видео пайдо бўлган. Унинг “Украинага диққат билан қаранглар, жиддий ўйлаб кўринглар” деган гапини кўпчилик очиқ таҳдид деб тушунмоқда. Кеосаян ўз чиқишида Қозоғистон халқини “ношукурлар” деб атаган, Россия “масъул шахслари ўзаро алоқалар даражасини қайта кўриб чиқиши лозим”лигини айтган.

“Агар сиз бундан кейин ҳам шунақа муғамбирлик қилишимиз мумкин, бизга ҳеч нима қила олишмайди, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз”, деган Кеосаян видеода.

Аввалроқ Қозоғистон бу йил 7 ва 9 май кунлари Ватан ҳимоячилари куни ва Ғалаба куни муносабати билан ҳарбий парадлар ўтказилмаслигини маълум қилганди. Расмийлар мазкур қарорни бюджет маблағларини тежаш ва “бошқа вазифалар ечими” билан шуғулланиш зарурати билан изоҳлашган.