Рус таҳлилчисининг “Россия 1” телеканалида Украина армияси устунлиги ҳақида гапирган гаплари сенсация бўлди

Михаил Ходарёнок урушдан аввал Украинани бир зумда мағлуб этиш имконсиз экани ҳақида мақола ёзган.

“Россия 1” телеканалида 16 май куни жонли эфирда чиқиш қилган истеъфодаги полковник, “Газета.ру” таҳлилчиси Михаил Ходарёнок Украина армияси Россия армиясидан устунлиги ҳақида кутилмаган гапларни айтгани халқаро матбуотда сенсация бўлди.

Михаил Ходарёнок бу гапларни Россия пропагандасининг асосий устунларидан бири бўлган Ольга Скабееванинг кунига икки марта эфирга узатиладиган “60 минут” кўрсатувида айтди ва халқаро матбуотда таъкидланишича, унинг сўзларига Россиянинг асосий пропагандистларидан бири бўлган Ольга Скабеева эътироз билдира олмаган.

Михаил Ходарёнок ўз сўзида Украинадаги уруш чўзилгани сари Россия армиясининг аҳволи танглашиб боришини таъкидлади.

Таҳлилчи ўз чиқишида эътироф этган айрим фикрлардан иқтибос келтирамиз (“Кун.уз” таржимасида):

“Украина 1 миллион одамни қуроллантириши мумкин. Улар учун 1 миллион одамни жалб қилиш муаммо бўлмайди. Гап бунча одамни қуроллантиришда қолади. Табиийки Украина ўз қуроллари билан бундай қила олмайди. Лекин [АҚШ эълон қилган] ленд-лиз тез орада кучга кириши, Европа ёрдамни кучайтириши ҳисобига Украина яқин вақтлар ичида миллион нафар қуролли кучга эга бўлишини кутса бўлади. Буни тезкор-стратегик режаларда инобатга олиш керакки, бу борада аҳвол биз учун эндиликда фақат ёмонлашади”...

...“Биласизми бизнинг ҳарбий-сиёсий ҳолатимиздаги энг жиддий муаммо нима? Ҳар қанча тан олишни истамасак ҳам, бутун дунё бизга қарши. Сиз Ҳиндистон ва Хитой бизни қўллаётганини айтяпсиз, лекин бу очиқчасига кўринаётгани йўқ. Бизга қарши 42 та мамлакатдан иборат коалиция тузилганини нормал ҳолат деб бўлмайди. Бизнинг ҳарбий ва техник имкониятларимиз эса чекланган, бу ҳолатдан чиқиш керак”...

...”Бўлаётган воқеаларга реал ҳарбий-стратегик нуқтайи назардан қараш керак, «информацион тинчлантирувчи» ичиб олиш шарт эмас. Украина ҳарбийлари орасида руҳий тушкунлик борлиги ҳақида гаплар тарқалмоқда, баъзи бўлинмаларда муаммо бўлиши мумкин, аммо умумий ҳолат шундай деб қабул қилиб бўлмайди. Қисқаси, бу ҳақиқатга тўғри келадиган гаплар эмас”...

... “Ҳар қандай армиянинг профессионаллигини ундаги ҳарбийлар шартнома бўйича хизмат қилаётгани белгилаб бермайди. Асосийси шахсий таркибни ўқитиш ҳамда ватан учун жон беришга тайёр ҳолатдаги мотивацияга эга бўлиш. Айнан мана шу руҳият армия профессионаллигини белгилаб беради. Шу сабаб чақирув ёрдамида тўлдирилган армия ҳам яхшигина профессионал бўлиши мумкин. Баъзи сиёсатчиларимизнинг миясида бир нотўғри фикр қотиб қолган: ким армияда шартнома билан хизмат қилаётган бўлса у – профессионал бўлиши ҳақида. Бўлмаган гап. Ватан учун жонини бериш, ҳозир Украина аскарларида учраётган ҳолат, бу жиддий нарса”.

Михаил Ходарёнокнинг чиқиши жаҳондаги нуфузли нашрлар томонидан “Россия пропагандаси билан машғул бўлган телеканалдаги илк ҳақиқат” сифатида эътироф этилди. Жумладан, The Telegraph “Бутун дунё бизга қарши”: Истеъфодаги рус полковниги Кремлнинг уруш машинасига қарши гапирди”, Newsweek “Россияликлар Украинадаги уруш кутилганидек кетмаётганини давлат телеканали эфирида билиб олишди”, Обозреватель “Таслим бўлиш имконсиз”: Россия пропагандачилари йўналишни ўзгартиришди, Скабеевада янги сўз топилмади” каби сарлавҳалар остида мазкур воқеани ёритишди.

“Кун. уз” нашрининг ёзишича:Михаил Ходарёнок урушдан аввал Украинани бир зумда мағлуб этиш имконсиз экани ҳақида мақола ёзган. Ўша мақолада эксперт Кремль Украина билан можарода Ғарбдан қурол етказиб берилиши сценарийсига тайёр эмаслиги, умуман, Украина билан уруш Россиянинг миллий манфаатларига кирмаслигини ёзганди”.