Ўзбек футболининг профессори Рустам Акрамов вафот этди

Педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшда эди.

Футбол бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг илк тренери Рустам Акрамов 15 февраль куни вафот этгани тўғрисида Миллий Олимпия қўмитаси хабар берди. Педагогика фанлари доктори, профессор Рустам Акрамов 73 ёшда эди.

Рустам Акрамов 1948 йил 11 август куни Тошкент вилоятида туғилган. У ўзбек ва Собиқ Иттифоқ футболи ривожи учун улкан ҳисса қўшган мутахассис ҳисобланади.

Рустам Акрамов футбол бўйича Миллий терма жамоанинг биринчи мураббийси ҳисобланади. Акрамов раҳбарлигидаги терма жамоа 1992-1994 йилларда Марказий Осиё чемпионати ва 1994 йил Хиросимада ўтган Осиё ўйинларида ғалаба қозонган.

1995-1997 йилларда Рустам Акрамов Ҳиндистон терма жамоасига мураббийлик қилган. У Ҳиндистонда болалар футболини ривожлантириш тизимини шакллантирди.

Кейинчалик у Осиё футбол конфедерацияси техник директори ва ФИФА инструктори сифатида фаолият олиб борди.

Ўзбек футболи ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Акрамов “Шуҳрат” медали ҳамда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.