Саакашвили илк бор шахсан суд қаршисига чиқди

Саакашвили суд залида

Грузиянинг собиқ президенти, октябрь ойи бошларида мамлакатга қайтиши билан ҳибсга олинган Михаил Саакашвили 29 ноябрь куни илк бор шахсан суд қаршисига чиқди. У маҳкамага Гори шаҳридаги ҳарбий касалхонадан етказиб келинди. Сиёсатчи қамоқда бир ойдан зиёд вақт очлик сақлаганидан сўнг ўша ерда даволанмоқда.

Саакашвили аввалроқ сиртдан озодликдан маҳрум этилгани сабабли қамоқхонага жойлаштирилган. Ҳозирда суд унга нисбатан очилган янги ишни кўриб чиқмоқда. Бу сафар Саакашвили 2007 йил 7 ноябрь куни норозилик акциясини тарқатиш ва тадбиркор Бадри Патаркацишвили мол-мулкини мусодара қилишда ҳокимиятни суиистеъмол қилганликда айбланяпти. Собиқ президент айбини тан олган эмас.

Озодликнинг грузин хизмати хабарига кўра, суд тинглови бошланишидан олдин Саакашвили Грузия суди ва прокуратурасини тан олмаслигини айтган, устидан очилган суд ишини эса “натижаси аввалдан маълум комедия” деб атаган.

Шунга қарамай, Саакашвили суд тингловида шахсан қатнашишга қарор қилган. Аввалроқ расмийлар хавфсизлик важидан уни судга келтиришни рад этишганди, аммо Ғарб мамлакатлари талаб қилгач, ён беришга мажбур бўлишган.

Тбилисида суд биноси ёнидаги йўлни Саакашвили тарафдорлари тўсиб қўйгани маълум қилинган. Улар билан полиция ўртасида тўқнашув чиққан, ҳибсга олинганлар бор.

Суд мажлисига биргина оммавий ахборот воситаси – Грузия Жамоат телерадиоширкатининг Биринчи канали киритилган, холос.