Россия Мудофаа вазирлиги: Сафарбарлик доирасида ҳарбий хизматга чақириш якунланди

Россия Мудофаа вазирлиги сафарбарлик доирасида ҳарбий хизматга чақириш бўйича барча тадбирлар якунланганини маълум қилди. Расман билдирилишича, Бош штаб бу борадаги буйруқни барча қўмондонларга жўнатган, ҳарбий хизматга чақириш ҳам тўхтатилган.

«Бундан буён ҳарбий комиссариатларнинг РФ Қуролли Кучларини комплектациялаш бўйича фаолияти фақат кўнгиллиларни ва контракт асосида ҳарбий хизмат ўташга номзодларни қабул қилишдан иборат бўлади”, дейилади Мудофаа вазирлиги билдирувида.

Россияда 1 ноябрдан бошлаб армияга кузги чақириқ бошланади ва 120 минг киши ҳарбий хизматга чақирилади. Бош штабнинг ташкилий ва сафарбарлик ишлари бошқармаси бошлиғи Евгений Бурдинский хизматга чақирилганлар Россия аннекция қилган украин ҳудудларига юборилмаслигини ва жанговар ҳаракатларда иштирок этмаслигини айтмоқда.

28 октябрда мудофаа вазири Сергей Шойгу президент Владимир Путинга сафарбарлик бўйича барча ишлар якунлангани тўғрисида билдирган эди. Унга кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг киши ҳарбий хизматга чақирилди. Улардан 82 мингги жанговар ҳаракатларга жалб қилинди, қолган 218 мингги эса тайёргарликдан ўтказилмоқда.