Ўзбекистон Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакат асосий қонунига ўзгартиришлар амалдаги президент Шавкат Мирзиёевнинг олдинги президентлик муддатларини "ноллаштириши"ни тасдиқлаган.
Бу ҳақда у Kun.uz нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
"Янги Конституция қабул қилинса, у албатта барча фуқаролар учун, шу жумладан бугунги президентимиз учун ҳам янги конституция бўйича сайловларда иштирок этишга имконият яратиб беради. Президентимиз бу имконият ва ҳуқуқдан фойдаланадими, фойдаланмайдими, бу биринчи навбатда ушбу шахсга ҳавола. Бу шахсни кўрсатадиган сиёсий партияга ҳавола. Лекин бу ҳақ-ҳуқуқ у кишида бўлади. Бу – халқаро тажриба, янги конституциями, янги ҳуқуқий макон яратилди ва бу янгиланади", деб айтган Сафоев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Айни пайтда у Мирзиёевнинг, амалда учинчи муддат президентлик билан боғлиқ эҳтимолий қарорини Ўзбекистонга таҳдидлар ва ислоҳотларни "охиригача етказиш" эҳтиёжи билан оқлашга уринган.
"Шахсан, менинг фикримни сўрасангиз, тажрибадан келиб чиқиб ва халқаро вазиятни таҳлил қилган инсон сифатида шуни айтишим керакки, бугун биз бир ниҳоятда таҳликали дунёда яшаяпмиз. Кундан кунга мураккаблашиб кетяпти. Шу жумладан бу мамлакатимиз учун ҳам салбий асоратларини кўрсатмасдан иложи йўқ. Лекин шунга қарамасдан биз ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Мен аминманки, бу ислоҳотларни бошлаган инсонда уни охиригача етказишга имконият бўлиши керак. Буни мен ким билан хоҳласангиз ва қаерда хоҳласангиз баҳс қилишим мумкин", дейди Сенат мулозими.
Бу Ўзбекистон ҳукумати юқори мартабали мулозимининг ўтган йил октябридаги президент сайлови ортидан эълон қилинган конституцияга ўзгартиришлар борасида берган биринчи очиқ изоҳидир.
Президент Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган ўзгартиришлардан пировард мақсад, Каримов даврида бўлгани каби, амалдаги давлат раҳбарининг ҳокимиятдаги умрини узайтириш экани Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги таҳлилчилар томонидан аввал-бошданоқ тахмин қилинганди.
Аммо Сафоевнинг баёнотига қадар расмийлар ўзгартиришларни инсон ҳуқуқлари ва ислоҳотларни жадаллаштириш эҳтиёжи билан тушунтирганлар.
Ўтган йил октябрида иккинчи ва конституция бўйича охирги муддатга сайланган Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳозирга қадар 2026 йилдан кейинги режалари ҳақида гапирмаган.
У, масалан, қўшни Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевдан фарқли икки муддатдан ортиқ президентликка сайланмасликка ваъда ҳам бермаган.
Сафоевнинг баёноти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги президент сайловини кузатган миссияси сайловларга доир якуний ҳисоботини тақдим қилган паллада янграмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳайъат сайловларда ҳақиқий рақобат бўлмагани, янги ва мухолиф партияларнинг рўйхатдан ўтказилишига йўл берилмаганини танқид қилган.
1991 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти этиб сайланган Ислом Каримов, 2016 йил сентябрда вафот этгунича, конституцияни ўзгартириш орқали 4 марта президентликка сайланган ва бир марта референдум орқали президентлик муддатини узайтирган эди.
Ўзбекистон конституцияси мамлакат мустақиллигининг 30 йили давомида 16 марта ўзгартирилган ва дунёда қисқа муддатда энг кўп ўзгартирилган асосий қонунлардан биридир.
64 яшар Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент лавозимини эгаллагунича 13 йил мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилган.