“Саидазиз медгородок”нинг жазо муддати узайтирилди

“Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган Саидазиз Саидалиев суд залида (архив сурати)

Ўзбекистонда жиноий уюшма ташкил этиш дохил оғир жиноятларда айбдор деб топилган Саидазиз Саидалиевга нисбатан яна бир жиноят бўйича ҳукм ўқилгани маълум бўлди.

Kun.uz нашри хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг жорий йил 29 октябридаги ҳукмига мувофиқ жамоатчиликка “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган фуқаро Саидазиз Саидалиев Жиноят кодексининг 165-моддасида (товламачилик) кўзда тутилган жиноятнинг яна бир эпизодида айбдор деб топилган.

Суд ҳужжатида баён қилинишича, Саидазиз Саидалиев Илҳом Сотволдиев ва терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа шахслар билан жиноий тил бириктириб, 2023 йил январь ойида Яшнобод туманидаги уйлардан бирига бориб, тадбиркор Бахтиёр Колоновга собиқ шеригидан гўё 700 минг доллар қарздор эканини айтишган.

Тадбиркор уларга қаршилик кўрсатганида “Саидазим медгородок” ва шериги пичоқ ҳамда тўппончадан фойдаланган ҳолда, пулни қайтармаса, оиласига жиддий зарар етказиб, ўзини отиб ташлашни айтиб таҳдид қилишган.

Суд мажлисида Саидалиев ва Сотволдиев айбига иқрор бўлмаган.

Ҳукмга кўра, Саидалиев жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 5 августидаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини қисман қўшган ҳолда узил-кесил 20 йил 6 ой, Сотволдиев эса узил-кесил 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Озодлик аввалроқ “Саидазиз медгородок”ка 20 йиллик қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган.

“Кўча”га алоқадор деб кўрилган Саидалиев ЖКнинг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик), 242 (жиноий уюшма ташкил этиш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 211−28 (пора беришга шериклик қилиш), 277 (безорилик) каби моддаларида айбдор деб топилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси жорий йил 27 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.