Самарқандда халқ таълим бўлими ходими $2000 пора билан ушланди

Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти қўлга олган мутахассис.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мутахассиси тадбиркордан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олаётган пайти қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти хабарига кўра, Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мутахассиси А.Ш. “L.S.” МЧЖ томонидан тумандаги умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган 300 миллион сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилгани ҳақидаги далолатномани ХТБ мудирига тасдиқлатиб бериш эвазига 2000 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.