WSJ: Ар-Риёд ва Москва нефть масаласида тортишмоқда

Саудия ва Россия вакиллари ОПЕК йиғилишида.

"Саудия Арабистони Россия нефть қазиб олиш юзасидан мажбуриятини бажармаётганидан норози", деб ёзди The Wall Street Journal. Нашр манбаларининг билдиришича, Ар-Риёд Москвадан ОПЕК+ доирасида олган мажбуриятларига асосан нефть қазиб олишни озайтиришни талаб қилмоқда.

Саудиянинг олий даражадаги ҳукумат амалдорлари россиялик ҳамкасбларига нефть қазиб олишни озайтириш талаби билан мурожаат қилган. Ар-Риёд фикрича, Россия бу борадаги мажбуриятини бажармагани ортидан нефтнинг жаҳон нархи тушиб кетмоқда.

Бугунги кунда Brent маркасидаги нефт баҳоси апрелга нисбатан 10 фоизга арзонлади. Апрелда ОПЕК+ давлатлари нефть қазиб олишни қисқартириш мажбуриятини олганди. Россия келишувга асосан нефть қазиб олишни суткасига 500 минг баррелга камайтириши лозим эди.

Wall Street Journal Суадия Арабистони нефтнинг бир баррели нархини бюджетда 81 доллар миқдорида белгилаганини, аммо бугунги кунда у бир неча долларга арзонлаганини таъкидлаган.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Россия “ихтиёрий равишда нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича барча мажбуриятларини бажараётгани” тўғрисида баёнот берди.

Ғарб давлатлари ўтган йили Россия нефти экспортига чеклов киритган ва унинг максимал нархини белгилаб қўйганди. Москва ўз нефтини санкцияга қўшилмаган давлатларга сотишда давом этмоқда.