ШҲТнинг 2022 йилдаги саммитини Самарқандда ўтказиш бўйича фармойиш имзоланди

Самарқанд

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 23 февраль куни “2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш бўйича Республика ташкилий комиссияси таркиби ҳамда Саммит тадбирларини ўтказиш бўйича босқичли иш режаси тасдиқланган.

Қайд этилишича, Самарқанддаги саммит олдидан махсус веб-сайт фаолияти йўлга қўйилиб, ўтказилган тадбирлар бўйича Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислигига оид тегишли маълумотлар билан тўлдириб борилади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон аъзо бўлиб, Афғонистон, Беларус, Эрон ва Монголия ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эгадир.

Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Владимир Норов 2018 йил июнида ШҲТ Бош котиби лавозимига тайинланган эди.