Шимолий Қозоғистон вилоятида қуш гриппи ёйилиши кузатилмоқда

Шимолий Қозоғистон вилоятининг Мағжан Жумабаев тумани Лебяжье қишлоғида қуш гриппи тарқалиши кузатиляпти.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, ўтган ҳафта давомида мазкур қишлоқдаги еттита ҳовлида мингдан зиёд парранда нобуд бўлган ва бунинг ортидан қишлоқда карантин эълон қилинган.

Қуш гриппи ташхиси лаборатория тадқиқоти билан тасдиқланганини билдирган вилоят расмийлари паррандаларга бу иллат ёввойи ўрдакларда юққанини тахмин қилмоқдалар.

Қайд этилишича, қуш гриппининг олдини олиш учун Шимолий Қозоғистон вилоятига бу йил 1,2 миллион доза вакцина тақдим этилган. Лебяжье қишлоғида бу вакцина билан 1,5 мингдан зиёд парранда эмланган.

Ўтган йил охирида қуш гриппи тарқалиши оқибатида минтақада, маълумотларга кўра, 1,5 миллиондан зиёд парранда нобуд бўлган.