“Шинжон полицияси файллари”: махфий маълумотлар Хитойдаги таъқиб ва қатағонлар кўламини фош қилди

Шинжондаги Хитой полицияси

АҚШнинг Коммунизм қурбонлари хотираси фонди Хитойдаги “қайта тарбиялаш” лагерларига оид махфий ҳужжатларни эълон қилди. Маълумотлар Хитой полицияси серверларини бузиб кириш йўли билан олинган. Фонд уларнинг барчасини махсус очилган “Шинжон полицияси файллари” сайтига жойлади.

Файллар Хитой полициясининг ўнлаб расмий фармойишлари, қарийб уч минг нафар маҳбус фотосуратлари, видеолар, 20 мингдан зиёд қўлга олиш қайдномалари ва Шинжоннинг 300 мингдан ортиқ аҳолиси шахсий маълумотларини ўз ичига олади.

Тадқиқотчи Адриан Ценцга кўра, махфий ҳужжатлар “қайта тарбиялаш лагерлари”, Хитой расмийлари иддао қилишганидек, “ихтиёрий ўқув муассасалари” эмаслигини тасдиқлайди. “Бу маълумотлар Хитой ҳукумати юзидаги ниқобни сидириб ташлайди”, деган у.

Ҳужжатлар Шинжоннинг мусулмон аҳолиси оддий диний талабларни бажаргани учун қатағон қилинаётганига доир хавотирлар бежиз эмаслигини кўрсатган. Хусусан, ҳужжатларда ичиб-чекмагани учун терроризмда айбланиб қамалмиш ўғли туфайли ҳибсга олинган Тожигул Тоҳир исмли уйғур аёли ҳақида маълумотлар бор.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар файлларда кўплаб инсонлар ўнлаб йиллар муқаддам содир этган хатти-ҳаракатлари учун ўтган сана билан жазолангани, мобил телефонларидан гўё етарлича фойдаланмаган ёки телефон ҳисобини тўлдирмаганлар “рақамли кузатувдан қочишга уриниш”да айбланиб, 10 йилгача қамоққа ташланганини аниқлаганлар.

Полиция файлларини ўрганган экспертлар муаммо кўламини тасаввур қила бошлаганларини айтишмоқда. Адриан Ценц ҳужжатларнинг катта қисми Кўнашеҳер округига оидлигига эътибор қаратган. Таҳлилларга кўра, 2017-2018 йилларда ушбу округдан қарийб 23 минг киши, яъни умумий аҳолининг 12 фоиздан ортиғи қамоқда ёки лагерларда бўлгани очиқланган.

Калифорния университети суд экспертлари “Шинжон полицияси файллари”нинг ҳақиқийлигини тасдиқлаганлар. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси эса вазиятга изоҳ бераркан, “Шинжон билан боғлиқ масалалар инсон ҳақлари ёки динга эмас, аслида терроризм, радикализм ва айирмачиликка оид”, дея иддао қилган.