Шотландия ҳукуматини биринчи марта мусулмон сиёсатчи бошқаради

Ҳамза Юсаф Глазго шаҳрида покистонлик иммигрантлар оиласида туғилган.

Шотландия ҳукумати раҳбарлигига тарихда илк маротаба мусулмон сиёсатчиси сайланди. 37 ёшли Ҳамза Юсаф 29 март куни Эдинбургда қасамёдга келтирилди. Бунга қадар соғлиқни сақлаш вазири лавозимида ишлаб келган Юсаф 27 март куни Шотландия Миллий партияси раислигига сайланган эди. Партиянинг аввалги раиси Никола Стержен Шотландия Биринчи вазири (ҳукумат бошлиғи) вазифасида 8 йил ишлаганидан сўнг 15 февралда истеъфо беришини билдирганди.

Биринчи вазир лавозими учун бир нечта партия лидерлари рақобатлашди. Парламент депутатларининг кўпчилиги Юсаф учун овоз берди.

Оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, Юсаф Шотландияни инқироздан олиб чиқишга, нархлар қимматлашувини тўхтатишга, Европа Иттифоқига қайта қўшилиш ташаббусини кўтаришга ваъда берган.

Ҳамза Юсаф Глазго шаҳрида покистонлик иммигрантлар оиласида туғилган. 2011 йилда 26 ёшли Юсаф Шотландия парламентининг энг ёш депутати бўлган.

CNN телеканалининг билдиришича, у 2016 йилда транспорт вазири лавозимига тайинланганида парламентга миллий кийимда келган ва урду тилида қасамёд қилган.