ПОП. “Наманган вилояти Поп шаҳрининг ҳуқуқлари поймол этилаётган тадбиркорлари номидан мактуб йўлламоқдамиз. Давлат тасарруфидаги Поп марказий деҳқон бозорини бузиб, бизни Поп барака бозорига мажбуран ўтказишмоқда. Биз эса шаҳар четида жойлашган хусусий бозорда ишлашни истамаймиз. Поп барака бозорининг раҳбари С.Р. эса “мен вилоят ҳокими билан шерикман, ҳамманг менинг бозоримга ўтасан, фаолият юргизиб турган дўконларингни бузиб, ўрнига тураржой қураман” деди.
Бу масалада ҳокимга арзга борсак, муовини қабул қилди. У дўконлар президент қарорига кўра бузилаётгани, бизга ер ажратилиши, аммо товон пули берилмаслигини айтди. Агар қаршилик қилсак, бозоримизга ўт қўйиб юборишлари ва дўконларимиз қиймати тушиб кетишини писанда қилди. Очиғи, ҳайрон қолдик. Ўтган куни Наманган шаҳридаги Чорсу бозори ёниши ҳам тасодиф эмасмикан¸ деган хаёлга бордик.
Айни пайтда дўконларимиз электр энергиясидан огоҳлантирилмасдан узилаяпти, оқибатда дўконларимиздаги озиқ-овқат маҳсулотларимиз айниб қолмоқда. Хўш, уларнинг зарарини ким тўлайди? Бозорда уруш майдони каби окоплар қазиб ташланган, харидорлар ўтолмаяпти. Шунга яраша тушум ҳам камайиб кетган.
Ачинарли жиҳати, бозорнинг бузилиши ва савдогарларнинг ҳокимга яқин одамга тегишли мажмуага кўчирилиши президент қарорини рўкач қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Аввалроқ ҳокимга яқинлигини айтаётган бу одам Попдаги музейни ҳам дўконга айлантирган эди.
Ҳоким – президентнинг ҳудуддаги вакили. Демак, у халқда президент сиёсатига ишончсизлик туғдирмаслиги, аксинча, халқнинг давлат раҳбари сиёсатига ишончини ошириш керак. Попда эса бунинг акси бўлмоқда.
Кўп сонли савдогарлар ўзимиз ва мижозларимиз ўрганган Поп марказий деҳқон бозорида фаолиятимизни давом эттиришни истаймиз”.
(Бу хабар Озодликка 24 июль куни келган.)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|