Расман: Солиқ имтиёзларига қарамай Ўзбекистонда газ қазиб олиш камайган

Давлат статистика агентлигининг билдиришича, 2022 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш 4 фоизга камайди ва 51, 6 миллиард кубометрни ташкил қилди. Бундан бир йил олдин қазиб олинган газ миқдори 53, 8 миллиард кубометр бўлган эди.

Статистика қўмитасининг ҳисоб-китобича, газ конденсати қазиб олиш 2,8 фоизга (1,29 миллион тонна) камайди, нефть ишлаб чиқариш эса 1,8 фоизга кўпайиб, 787,7 минг тоннани ташкил қилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон 2022 йилда 910,9 миллион долларлик газ сотгани таъкидланади. Газнинг асосий қисмини Хитой сотиб олган. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Туркманистондан 281,9 миллион долларлик газ импорт қилган.

Озодлик радиоси 2023 йил январида Хитой ўтган йили Ўзбекистондан 1,07 миллиард долларлик газ харид қилганини маълум қилгани тўғрисида хабар берганди. Бу эса Ўзбекистон эълон қилган рақамлардан 159,5 миллион долларга кўпдир.

Бундан ташқариОзодлик радиоси жорий йилнинг куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида ҳорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувни ҳам эълон қилган.

Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2022 йилда табиий газ учун солиқ ставкаси 30 фоиздан 10 фоизга, нефть ва газ конденсати учун 20 фоиздан 10 фоизга тушурилгани ва бунинг оқибатида бюджет 538,1 миллиард сўм даромаддан маҳрум бўлганини қайд этган.

Бундан ташқари Ўзбекистоннинг ер ости бойликларидан фойдаланиш бўйича олган солиқлари миқдори ҳам 2022 йилда 12, 2 фоизга ёки, 1, 92 триллион сўмга камайган. Масалан, солиқнинг бу тури бўйича 2021 йилда 15,81 триллион сўм солиқ олинган бўлса, 2022 йилда бу рақам 13,89 триллион сўм бўлди. Ҳолбуки, солиқнинг бу турини тўлайдиган ташкилотлар сони 263 тага кўпайган ва 1904 тадан 2167 тага етган.