“Humo Air” авиакомпанияси 12 декабрдан бошлаб Фарғона – Сўх – Фарғона йўналишидаги парвозларни йўлга қўйди. Транспорт вазирлигининг билдиршича, дастлабки босқичда парвозлар ҳафтасига икки марта – душанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Фарғона – Сўх йўналишидаги самолёт соат 10:00да, Сўх – Фарғона йўналишидаги рейс соат 12:00да учади. Авиақатновлар АН-2 самолётларида амалга оширилади. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.
Транспорт вазирлиги мазкур рейслар учун авиачипталар Фарғона, Андижон ва Наманган аэропортларида ҳамда Сўх тумани ҳокимияти биносида сотилаётганини билдирди.
Сўх аэропортини қуриш учун давлат бюджетидан олти миллиард саккиз юз миллион сўм маблағ ажратилиган.
Аэропорт қуриб битказилгани тўғрисида октябрь ойининг ўрталарида хабар қилинган эди.
Сўх аҳолиси йиллардан буён Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтадиган йўл азобини тортиб келаётган эди.
2020 йилнинг майида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги "Чашма" булоғи устида икки давлат фукаролари ўртасида юзлаб киши иштирок этган оммавий муштлашув содир этилганди.
Бу қонли тўқнашувдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан аэропорт қуришга қарор қилганди.